Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон - монополиялар давлати
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i37100-Камолиддин_Раббимов_Ўзбекистон_монополиялар_давлати
Facebookда ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон нима учун Туркияга Қозоғистон орқали учиб бориб келиш арзонга тушади, деган саволига шундай жавоб берилди. Фойдаланувчилар, нафақат учоқ чипталари, умуман давлат монополияси ўрнатилган бошқа хизмат ва товарлар ҳам Ўзбекистонда қиммат эканлигини айтишган.
(last modified 2018-08-22T17:56:29+00:00 )
август 20, 2018 07:13 Asia/Tashkent
  • Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон - монополиялар давлати

Facebookда ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон нима учун Туркияга Қозоғистон орқали учиб бориб келиш арзонга тушади, деган саволига шундай жавоб берилди. Фойдаланувчилар, нафақат учоқ чипталари, умуман давлат монополияси ўрнатилган бошқа хизмат ва товарлар ҳам Ўзбекистонда қиммат эканлигини айтишган.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ўғли оиласи билан Истанбулдан Ўзбекистонга Олма ота орқали учиб келиш анча арзон тушганини ёзди.

Бундай сафарда беш киши Тошкентга тўғри учиб келмаслик орқали 500 доллар тежаган. Истанбулга қайтишда оила яна Қозоғистон йўлини танлаган. Чимкент орқали учиш натижасида 3 киши 400 доллар тежаб қолган.

Пост остига изоҳ қолдирганлар бунинг сабаби Ўзбекистондаги монополия эканлигини билдиришган.

Францияда истиқомат қилувчи таҳлилчи Камолиддин Раббимов Париждан Тошкентга 600-700 евро, Бишкекка эса 350-400 евро эканлигини айтган.

У Ўзбекистонни монополиялар давлати деган.

"Ўзбекистон - монополиялар давлати, ҳокимиятда ягона одам ва якка гуруҳ монополияси, жамият эса якка ҳокимият монополиясида. Ҳамма нарса монополия: адолат/ҳақиқат, фикр, сўз, одамларни ҳаёти ва танаси ва ҳ.к", дейди у.

Зафар Хандамов темир йўллар ҳам қимматлигини ёзган.

Бир киши нархлар қимматлигига Ўзбекистон ҳаво йўллари кўрсатаётган қулайлик учун эканлигини айтди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари самолётлари аслида ҳам мақтанишга арзийди.Комфорт тўла таъминланган.Мен бир нечта авиаташувчи ширкатлар билан таққослаб кўрганман ва Ўзбекистон ҳаво йўллари улардан устунлигига гувоҳ бўлганман.Чипталар нархини туширишса нур устига аъло нур бўлар эди", дейди Суннатилло Расулов.

Фикр қолдирганлар бошқа йўналишлар бўйича ҳам қўшни давлатлар орқали учиш анча арзон туришини, чет эл ширкатларини Ўзбекистонга киритмаслик орқали монополия ортида турганлар фойда кўраётганини айтган.

Улардан бири нархлар боис Ўзбекистон ҳаво йўллари хизматидан умуман фойдаланмаслигини айтган.

"Ҳадсизлик, ўз миллати, халқининг устидан кулиш. Онур, Атлас, Пегасус каби учта турк авиаширкатларига рухсат берилса эди, Ўзбекистон ҳаво йуллари факат чет элдан кимларнидир ўғирлаб келадиганлар ва пойлоқчиларгагина хизмат киларди. Шахсан мен қасам ичганман, ҳеч қачон учмайман улар билан. Тупурдим компаниясигаям, хизматигаям", дейди Фаррух Самарқандий.