Франция компанияси Ўзбекистонда атом энергетикаси ривожига кўмаклашади
(last modified Thu, 23 Aug 2018 14:36:23 GMT )
август 23, 2018 19:36 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда атом энергетикаси
    Ўзбекистонда атом энергетикаси

Франциянинг Groupe CIFAL компанияси Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантиришга кўмак беради. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” канали “Таҳлилнома” кўрсатувида хабар қилинган.

Кун сайтига кўра, хориж компанияси атом энергетикаси соҳаси бўйича ўзининг технологик ечими ва мутахассисларни тайёрлаш бўйича тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдириб ўтган.

CIFAL Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан Ўзбекистонда атом станцияси қуриш учун техник, савдо ва молиявий музокаралар олиб боришни режалаштирмоқда. Шунингдек, компания АЭСни қуриш учун ускуналар етказиб беришга тайёр. 

Россия юртимизда “3+” ВВЭР-1200  замонавий авлод станцияларини қуришни таклиф қилмоқда. “Росатом”нинг Бангладешдаги худди шундай станцияни қуриш лойиҳаси тахминан 13 млрд. АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Унинг 11.3 млрд. доллари Россия томонидан давлат экспорт кредити сифатида тақдим этилган. 

АЭСнинг қурилиши 3.7 млрд. кубометр табиий газни тежайди. Шу билан бирга, атмосферага чиқадиган табиий газдан ҳосил қилинган углерод моноксит миқдори йилига 3 млн. тоннага камаяди. 

Ўзбекистон ҳукумати Россияга АЭС қуриш учун 10 та майдонни кўрсатди. Булар энергия тизимининг марказий (Тошкент вилояти) ва шарқий (Фарғона водийси) қисмлари, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё ҳудудларидир.