Мирзиёев Марказий Осиё транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш ташкил этишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатларининг транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг «Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар» конференцияси иштирокчиларига мурожаатида айтилади, деб ёзади Kun.uz
«Марказий Осиё мамлакатлари транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгашни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, у транспорт-логистика соҳаси муаммоларини ҳал қилишда мувофиқлаштирувчи тузилмага айланади», – дейилади бош вазир Абдулла Арипов томонидан ўқиб эшиттирилган мурожаатда.
Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро тузилмалар мутахассисларининг кўмагида минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқишни ҳам таклиф этди. Келгусида унинг асосида транспорт тизимини барқарор ривожлантириш бўйича минтақавий дастур қабул қилиниши керак.
«Минтақа давлатлари ШҲТ фаолиятида муҳим роль ўйнашини ҳисобга олсак, ушбу ташкилот доирасида интеграциялашган транспорт ташувларини бошқариш тизимини яратиш керак», – дея ҳисоблайди Мирзиёев.