Фарғонадаги цемент заводи ишчилари иш ташлаш эълон қилдилар
(last modified Sat, 29 Sep 2018 06:00:53 GMT )
сентябр 29, 2018 11:00 Asia/Tashkent
  • иш ташлаш эълон қилдилар
    иш ташлаш эълон қилдилар

Кеча эрталаб Фарғона вилоятининг “Қувасойцемент” корхонаси ходимлари ишлашдан бош тортдилар.

Улар шу йўсинда корхонада ишчиларнинг ялпи ишдан бўшатилиши ва раҳбариятнинг қўл остидагиларни ҳурмат қилмасликларига нисбатан ўз норозиликларини билдирдилар.

Фарғона.ру сайтига кўра, эрталаб соат еттида хизмат автобусида ишга келган завод ходимлари (асосан аёллар) касаба уюшмаси қўмитасига учраб, маъмурият уларнинг талабларини инобатга олмагунча иш бошламасликларини айтганлар. Ишчилар заводдаги ялпи ишдан бўшатишлар ва Бош директор ўринбосари Фотима Аҳмедованинг ўз қариндошларини ишга олаётганига нисбатан норозилик билдирганлар.

Ишчилар олдига корхонанинг техник директори келиб, уят гаплар билан намойишчиларни тарқатмоқчи бўлади. Кейин заводга Қувасой шаҳар ҳокими Ички ишлар органи ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамроҳлигида келади. Техник директор ҳокимдан завод ходимларини ишлашга мажбур қилишини талаб қилади, ўртада жанжал кўтарилиб, орган ходимлари директорни уят гаплари учун қўлга оладилар.

«Қувасойцемент» заводининг Бош директори Юрий Старигин ва унинг биринчи ўринбосари Серик Уканов намойиш бошланганидан бир ярим соат ўтиб заводга келадилар. Улар ҳоким билан муаммони ҳал этишни муҳокама қиладилар. Кейин барча ўз иш ўринларига тарқайди.