Қозон-Тошкент йўналиши бўйлаб янги поезд қатнови йўлга қўйилади
Жорий йил декабрь ойидан Қозон ва Тошкент шаҳарларини боғловчи поезд йўналиши ишга туширилиши кутилмоқда.
Фарғона.ру сайтига кўра, №303/304 поезди Татаристон ва Ўзбекистон пойтахтлари бўйлаб ҳаракат қилади. Поезд Саратов областининг Дружинино шаҳарчасидан ўтади.
Татаристон президенти Рустам Минниханов ўтган йили Қозон - Олма-Ота йўналиши бўйича поезд қатнови ишга тушгандан кейин, Ўзбекистон пойтахти билан ҳам шундай қатновни тиклаш вазифасини қўйди ва бу борада ўзбек томони билан келишув имзоланди.
Бугунги кунда Тошкентдан Қозон шаҳрига самолётда учиб бориш мумкин, лекин мазкур шаҳарлар ўртасида тўғридан-тўғри поезд қатнови йўқ эди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанисияга қарашли самолётларда Қозонгача чипта нархи 4 декабрь ҳолатига кўра - 13.370 рубль ($206) туради. Поездга келсак, Poezda.biletyplus.ru қидирув агрегаторига кўра, Тошкент-Саратов ва Саратов-Қозон йўналиши бўйича энг арзон плацкарт вагонларидаги чипта нархи 8.114 рубль ($125) туради ва йўлга уч кун- у 11 соат вақт кетади. Ушбу йўлни икки соатга қисқартирган ҳолда Москва орқали бориш мумкин ва бунда чипта нархи йўловчига 12.440 рублга ($191) тушади.