Йован Йекич Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди
(last modified Wed, 03 Oct 2018 06:13:40 GMT )
октябр 03, 2018 11:13 Asia/Tashkent
  • Йован Йекич
    Йован Йекич

Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги ва АҚШнинг Халқаро ривожланиш бўйича агентлиги ўртасида имзоланган англашув меморандум ижроси доирасида халқаро савдо ҳуқуқи соҳасидаги эксперт Йован Йекич Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди

Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, «Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши экспорт географиясини янада кенгайтиришга, хорижий давлатларга маҳсулот ва хизматлар етказиш ҳажмини кўпайтиришга имконият яратади. Маълумки, ЖСТга аъзо бўлиш жараёни мураккаб ва узоқ муддатли жараёндир, ва шу ўринда халқаро эксперт ташкилотдаги иштирокдан энг катта афзалликларни қўлга киритиш мақсадида ҳар томонлама мувозанатли музокара ўтказиш жараёнида бизга кўмаклашади», – деб таъкидлади ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

Йован Йекич  халқаро тижорий ҳуқуқ, интеллектуал мулк ҳимояси, божхона қоида ва тартиботлари, савдо сиёсатини ҳуқуқий тартибга солиш, савдо ва инвестицион сиёсат соҳаларида 35 йилдан ортиқ тажрибага эга. 2001-2017 йилларда Озарбайжон, Тожикистон ҳамда Сербия ва Черногория ҳукуматларига ЖСТга аъзо бўлиш масалалари бўйича консултатив кўмак берган. Эксперт Женевадаги ЖСТ Котибияти вакиллари ва ташкилотнинг бошқа аъзолари музокара гуруҳлари билан конструктив ва функционал алоқага эга.