Диққат! Трамадол ва лирика сотувчилари жавобгарликка тортилади
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i38295-Диққат!_Трамадол_ва_лирика_сотувчилари_жавобгарликка_тортилади
Ўзбекистонда трамадол ва прегабалин («лирика») сингари психофаол дори воситалари савдоси учун жавобгарликка тортиш бошланади. Олий Мажлис Сенати қонунчиликка киритилаётган жамоатчилик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартишларни маъқуллади, деб ёзмоқда Газета.uz.
(last modified 2021-09-20T14:57:20+00:00 )
октябр 05, 2018 12:11 Asia/Tashkent
  • Диққат!  Трамадол ва лирика сотувчилари жавобгарликка тортилади

Ўзбекистонда трамадол ва прегабалин («лирика») сингари психофаол дори воситалари савдоси учун жавобгарликка тортиш бошланади. Олий Мажлис Сенати қонунчиликка киритилаётган жамоатчилик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартишларни маъқуллади, деб ёзмоқда Газета.uz.

Парламент юқори палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитасида доимий асосда фаолият олиб борувчи сенатор Шуҳрат Чўллиев ИИВ маълумотларига таяниб, 2015 йилдан 2018 йил июлига қадар саккиз турдаги шу каби синтетик каннабиноидлар аниқланганини маълум қилди. Улар Ўзбекистонда айланиши тақиқланган ёки чекланган наркотик ва психотроп воситалар рўйхатига киритилмаган.

Шуҳрат Чўллиев жисмоний шахслар дорихоналардан ташқарида дори воситалари савдоси билан шуғулланаётгани ҳолатлари борлигини қайд этиб ўтди. Кўчалардаги «фармацевтик бозорлар"да рўйхатга киритилмаган, яроқлилик муддати ўтган психофаол дори воситалари сотилмоқда. «Истеъмол қилинганда «эйфория"ни келтириб чиқарувчи препаратлар ҳам аниқланди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бундай вазият фуқаролар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. 2017 йилда 67та шундай ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, жорий йилнинг етти ойи давомида 84тага етди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан маълум қилинишича, трамадол, прегабалин («лирика»), зопиклон («соннат») кабилар наркотик ва психофаол дори воситалари рўйхатида бўлмагани сабабли дори воситалари сотувчиларини жавобгарликка тортиш имконияти йўқ эди.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга наркотик моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги ўзгартишлар киритилади.