Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 2 олтин ва 2 кумуш медални қўлга киритдилар
Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари мусобақаларининг биринчи кунида ўзбекистонлик спортчиларнинг тўрт нафари совриндорлар қаторидан ўрин олди. Медалларнинг барчаси сузиш баҳсларида қўлга киритилди.
Кун.уз сайтига кўра, эркаклар ўртасида S13 йўналишида 400 метрга эркин сузиш бўйича иштирок этган Дмитрий Хорлин барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медаль соҳибига айланди. Ундан кейин маррага етиб келган Ислам Асланов кумуш медалга эга чиқди.
Худди шу йўналишнинг аёллар ўртасидаги беллашувларида ҳам олтин ва кумуш медаллар ҳамюртларимизга насиб қилди. Шоҳсанамхон Тошпўлатова маррага биринчи бўлиб етиб борди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Ундан кейинги натижани қайд этган Фотимахон Амилова эса кумуш медалга сазовор бўлди.