Бухоро ИИБ тиббиёт бўлими "Озодлик" мақоласига жавоб қайтарди
Бухоро ИИБ тиббиёт бўлими «Озодлик»да куни кеча эълон қилинган бўлим ходимларининг пахта теримига мажбуран жалб қилинаётгани ҳақидаги хабарга жавоб қайтарди.
«Бухоро вилояти ИИБ Тиббиёт бўлимида 150 нафардан ортиқ шаҳодатланган ва эркин ёлланган ишчи хизматчилар мавжуд бўлиб, шулардан 50 нафар шаҳодатланган ва эркин ёлланган ишчи хизматчилар 2018 йилнинг 6—7 октябрь (шанба, якшанба) кунлари ўз ташаббуслари ва ихтиёрлари билан пахта теримига чиқди. Пахта теримига чиққан ходимлар 2 кун давомида махсус ажратилган автобусларда пахта далаларига олиб борилиб, уларга бепул тушлик ва керакли шарт-шароитлар яратилди. Теримчиларга терган ҳар бир килограмм пахта учун 750 сўмдан терим пуллари тарқатилди.
Ҳеч ким пахта йиғим теримига мажбуран олиб чиқилмаган ҳамда теримга чиқмаганлар мукофот пулидан маҳрум қилиниши тўғрисида ходимларга айтилмаган», — дейилади «Дарё»га тақдим этилган расмий баёнотда.