октябр 29, 2018 16:59 Asia/Tashkent
  • Ипак йўли альянси
    Ипак йўли альянси

Хитойнинг Хунан провинциясида ўтказилган Ипак йўли бизнес етакчилари саммити якунида Бухоро, Қарши, Самарқанд, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти «Ипак йўли шаҳарлари альянси» таркибига киритилди.

Бу анжуманда Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди.

Фарғона сайтининг хабар қилишича, бу учинчи бор ўтказилган саммит бўлиб, у «Очиқ ҳамкорликнинг янги даври. Тараққиётнинг янгича асослари. Янги, гўзал Хунан» деб номланди ва хитойликларнинг «Битта камар, битта йўл» стратегиясининг эълон қилинганига беш йил тўлиши доирасида ўтказилди. Маълумки, хитойликлар Осиё, Европа, Африка ва бошқа минтақаларни бирлаштирувчи инновациявий усулни жорий этишни мақсад қилганлар.

Ўзбекистон номидан Халқаро муносабатлар ва чет эл давлатлари билан дўстона алоқалар қўмитаси раҳбари Рустам Қурбонов ва мазкур қўмитанинг Халқаро муносабатлар бўлими бошлиғи Зокир Обидов иштирок этди. Ўзбек делегацияси саммитда Ўзбекистоннинг 2017-2021 йиллардаги бешта истиқболли йўналиши ва Хитой билан ҳамкорлик муносабатларига доир нутқ қилди.

Саммит доирасида Халқаро сайёҳлик форуми ўтказилди ва ўзбек делегацияси республиканинг туризм соҳасидаги салоҳияти,хитойликлар учун виза олиш амалиёти енгиллаштирилгани ва электрон визалар ҳақида гапириб берди. Учрашув якунида йирик ўзбек шаҳарлари ва Тошкент вилояти «Ипак йўли шаҳарлари альянси»га киритилди ва махсус сертификат билан тақдирланди.

Ёрлиқ