Ўзбекистонда айрим давлат бож тўловлари бекор қилинди
(last modified Mon, 05 Nov 2018 12:20:03 GMT )
ноябр 05, 2018 17:20 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон
    Ўзбекистон

10 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда боланинг туғилган вақти, оталик, оналикни тан олиш борасида ариза учун тўланадиган бавлат божи бекор қилинади.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорига таянган ҳолда Norma.Uz хабар беради. Ҳозирги пайтда бу каби аризалар учун тўланадиган давлат божи миқдори битта энг кам иш ҳақи миқдорини, яъни — 202.730 сўмни ($25) ташкил этади.

Шунингдек, никоҳ шартномасининг ўзгартирилиши, унинг бекор қилиниши, алимент тўлови битимининг нотариал тасдиғи учун тўланадиган давлат божлари ҳам бекор қилинади. Ҳозирги кунда никоҳ шартномасини тузиш учун энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲ) 25 фоизи, алимент тўлови битими учун 20 фоизи миқдорида бож тўланмоқда.

Қарорда мерослик гувоҳномасига оид тўланадиган давлат божи тизими ҳам ўзгартирилган. Авваллари бунинг учун қариндошлик мақоми ва мерос мулк қийматига қараб, унинг 0,1 дан 2 фоизигача давлат божи тўланарди. Янги қарорга кўра, кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларига меросхўр бўлиш учун ҳар бир объект учун ЭКИҲнинг 50 фоизи, қолган мулк кўринишлари учун 30 фоизи тўланади.

Бундан ташқари, қарор айрим шартномаларнинг нотариал тасдиғи ёки бекор қилиниши учун тўланадиган тўловлар миқдорига аниқлик киритади. Ижара шартномасига ўзгартириш киритиш учун жисмоний шахс 1 ЭКИҲ, юридик шахс 2 ЭКИҲ миқдорида давлат божи тўланади, шартноманинг бекор қилиниши учун ушбу сумманинг ярми тўланади. Заём бўйича шартномага ўзгартириш киритиш ёки уни бекор қилиш учун стандарт ставканинг 50 фоизи тўланади. Кафиллик шартномасидаги ўзгаришлар ва унинг бекор қилиниши учун жисмоний шахслар ЭКИҲнинг 25 фоизини, юридик шахслар 50 фоизини тўлайдилар.