Наманганда 22 та тарихий обида йўқолган
(last modified Wed, 07 Nov 2018 13:33:33 GMT )
ноябр 07, 2018 18:33 Asia/Tashkent
  • Наманган
    Наманган

Наманган вилоятида маданий мерос объекти сифатида рўйхатга киритилган, аммо ҳозирги кунда йўқ бўлиб кетган 22 та обида аниқланди.

Бу ҳақда “Миллий тикланиш” партияси Наманган вилояти кенгаши хабар берган.

Партия вилоятдаги рўйхатга олинган 282 та маданий мерос объектининг бугунги ҳолатини ўрганиб, якуний рўйхатини тузган. "Маданий мерос объектларининг 158 тасида кадастр ҳужжатлари аниқланмади, 147 тасида муҳофаза белгиси йўқ. Уларнинг 73 таси қониқарсиз, 15 таси эса авария ҳолатида", – дейди вилоят кенгаши матбуот котиби Дилноза Азизова. 

Шунингдек, вилоятда маданий мерос объектлари ҳудудида уларга зарар етказган ҳолда қурилиш ишлари олиб борилган 7 та ҳолат аниқланган.

Рўйхатга олинган 22 та объект эса йўқ бўлиб кетганлиги маълум бўлди. Улар қаторида Наманган шаҳридаги А.Шомирзаев уйи, Наманган туманидаги Каримбой масжиди, Норин туманидаги Маргузартепа, Поп туманидаги палеолит даври платоси, Учқўрғон туманидаги Номсизтепа, Чуст туманидаги Мулла Худойберганбой масжидини ва бошқалар мавжуд.

Шу билан бирга вилоятда жами 26 та моддий-маданий мерос объекти хусусиятига эга, бироқ рўйхатга киритилмаган обидалар аниқланган. Косонсой туманидан Чорсаҳоба масжиди, Саййид Жалолиддин мақбараси (1304-1384), Наманган туманидаги Куюкмозор, Поп туманидаги Кўктўнлиота зиёратгоҳи, Уйчи туманидаги Қорашайхбува мозори, Чортоқ туманидаги Султон Саййид Жалолиддин мақбараси, Янгиқўрғон туманидаги Амирота зиёратгоҳи шулар жумласидандир.

Ёрлиқ