Таниқли тележурналист Бобур Комилов вафот этди
(last modified Mon, 12 Nov 2018 14:52:04 GMT )
ноябр 12, 2018 19:52 Asia/Tashkent
  • Таниқли тележурналист Бобур Комилов вафот этди
    Таниқли тележурналист Бобур Комилов вафот этди

«Давр» информацион дастури орқали танилган тележурналист, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот котиби Бобур Комилов

Халқаро тоифадаги журналист, «Давр» информацион дастури орқали кўпчиликнинг севимли телебошловчисига айланган Бобур Комилов 34 ёшида узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди. Бу ҳақда журналист Шоҳира Ҳамро Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилди. Ушбу хабарни БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳам тасдиқлади.

У кейинги йилларда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот котиби лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

«Замонавий ўзбек журналистикасида оғир йўқотиш. Ҳозир эшитган хабаримга ишонгим келмайди. Лекин жим туриб ҳам бўлмайди. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот котиби, таниқли халқаро тоифадаги журналист Бобур Комилов узоқ давом этган хасталикдан сўнг бугун вафот этди. Бу ҳақда ҳозиргина менга «Тўйлар муборак» журналининг бош муҳаррири, Бобурнинг яқин дўстларидан бири Дилдора Зайнутдинова хабар берди.

Биз Бобурни Тошкентда, Prologue халқаро кинофестивалида кутаётган эдик. Дилдора орқали Бобур билан боғланиб, кинофестиваль тадбирларида инглиз тилида бошловчилик қилишга таклиф қилган эдик. Бобур орзулари бир дунё йигит эди. Ўзига хос йўли, ўз овозига эга журналист энди орамизда йўқ. Худо раҳмат қилсин!», — деб ёзди Шоҳира Ҳамро.

Бобур Комилов «Ёшлар» телеканалидаги «Давр» янгиликлар дастури, Uzbekistan Today газетасида фаолият кўрсатган, радиодастурлар муаллифи эди. Лондондаги Сити университети магистратурасини (халқаро журналистика) тамомлаган.

Маълум бўлишича, Бобур Комилов даволаниш учун Туркияга кетган эди.

Ёрлиқ