Ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намуналарига алмаштириш соддалаштирилди
Ҳайдовчилик гувоҳномаларини гувоҳноманинг янги намуналарига алмаштириш соддалаштирилган тартибда амалга оширилади
Ҳозирги кунда миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш давлат хизмати тажриба-синов тариқасида Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилмоқда. Тошкент шаҳрининг Миробод, Учтепа, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманлари Давлат хизматлари марказлари орқали мазкур хизмат соддалаштирилган тартибда аҳолига кўрсатиб келинмоқда.
Аммо охирги вақтларда оммавий ахборот воситалари орқали мазкур давлат хизмати кўрсатилишининг тартиби ўзгарганлиги, эндиликда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш давлат хизматини кўрсатишда 2019 йилнинг 1 январидан қўшимча ҳужжатлар, яъни ҳайдовчининг имтиҳон варақаси, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини берган ҳудудий ЙҲХБ тасдиқномаси, белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома ва автомототранспорт воситаларини ўн икки ой мобайнида бошқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилиши тўғрисида асосланмаган хабарлар тарқатилмоқда. Натижада юқорида номлари қайд этилган Давлат хизматлари марказларида узун навбатлар ва тартибсизликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Аксарият ҳолларда, фуқаролар давлат хизматининг кўрсатилишидан, узундан-узун навбатлардан норози бўлиб қолмоқдалар.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 57-банди тўғри талқин қилинмаслиги фуқароларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бу эътирозлар Интернет ижтимоий тармоқларида фойдаланувчиларнинг муҳокамасига, аҳоли ўртасида норозичилик кайфияти уйғонишига, айниқса аҳолининг ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиши ҳисобига соддалаштириш тамойилига бўлган ишончи сусайишига олиб келмоқда.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларини ҳисобга олиш, имтиҳонларга рухсат бериш ва уларни ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом амалда бўлган вақтда ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги 116-сон қарори 31-бандида назарда тутилган преференция қўлланиб келиниб, юқорида кўрсатилган ҳужжатлар, 2020 йил 31 декабрга қадар ҳайдовчилик гувоҳномаларини гувоҳноманинг янги намуналарига алмаштириш ҳайдовчилар томонидан паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони, шунингдек ЭКОИҲнинг 70%и миқдорида тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчиҳужжатлар тақдим этилганда амалга оширилиши белгиланган.
Шу сабабли, фуқаролардан юқоридагидек асосланмаган хабарларга ишонмасликларини сўралади ва 2020 йилнинг 31 декабрига қадар ҳайдовчилик гувоҳномаларини гувоҳноманинг янги намуналарига алмаштириш соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши маълум қилинади.