Президент мактабларига танлов қандай амалга оширилиши эълон қилинди
Халқ таълими вазири президент мактабларига ўқувчиларни танлаш хорижий мутахасисслар томонидан амалга оширилишини айтди.
19 ноя - Sputnik. Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат бўйлаб президент мактаблари очилиши ҳақидаги таклифига изоҳ берди, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.
Вазирнинг айтишича, президент мактаблари STEAM (Science (фан), Technology (технология), Engineering (муҳандислик), Art (санъат) ва Mathematics (математика) фанларини ўқитишга ихтисослашган бўлади.
“Президент мактабларида ўқувчиларни танлаш ва таълим сифатини таъминлаш учун уларни хорижлик мутахассислар бошқарадилар. Шу билан бирга, мактабга малакали хорижлик ҳамда маҳаллий педагоглар жалб этиладилар ва уларнинг фаолиятига керакли шарт-шароитлар яратилади”, - деди Шерматов.
Шавкат Мирзиёев юқори малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида мамлакат бўйлаб президент мактаблари ташкил қилишни16 ноябрь куни Нукус шаҳрига қилган иш сафари давомида таклиф қилган эди.
Президент мактабларида ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади.