Фото: Шавкат Мирзиёев Tashkent City халқаро бизнес маркази қурилишини кўздан кечирди.
Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Tashkent City халқаро бизнес маркази қурилишини яна бир бор кўздан кечирди.
Бу ерда замонавий архитектура ютуқларига мувофиқ лойиҳалар ва давлат раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида берилган кўрсатмалар асосида жадал қурилиш кетмоқда.
Бизнес марказлар, меҳмонхоналар, конгресс-хол, офислар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар ва бошқа объектлар 7 та лотга ажратилган ҳолда бунёд этилмоқда.
Президент беш юлдузли меҳмонхонада қуриладиган хоналар, заллар намуналари билан танишди. Хоналарнинг ҳар бир деталига эътибор қаратиб, уларнинг дизайни ва қулайликлари бўйича кўрсатмалар берди. Хоналар ёруғ ва баҳаво бўлиши, уларни безашда одамларнинг кайфиятини кўтарадиган, очиқ ранглардан фойдаланиш кераклигини таъкидлади.
Меҳмонхонага туташ тарзда яна бир йирик иншоот — конгресс-холл қурилмоқда. Унда олий даражадаги учрашувлар, халқаро анжуманлар ўтказиш учун барча шароит яратилади. Энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланади.
Шавкат Мирзиёев конгресс-холлни халқаро стандартлар асосида қуриш, йирик делегацияларни қабул қилиш учун зарур қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берди.
Президент Gardens Residence турар жой комплексини ҳам бориб кўрди. Намуна сифатида қурилган 2 ва 4 хонали уйларни кўздан кечирди.
Давлат раҳбари халқ мана шундай замонавий уйларда яшашга ҳақли экани, Европа ва Осиёнинг ривожланган мамлакатлари стандартлари асосида қурилган бу уйлар юртдошларга берилишини таъкидлади. Мазкур турар жойлар харидорларга узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида тақдим этилади.