Акмал Саидов: «​Ибодат либоси»​ масаласида кенг жамоатчилик фикри инобатга олиниши керак​
(last modified Thu, 22 Nov 2018 05:50:29 GMT )
ноябр 22, 2018 10:50 Asia/Tashkent
  • Акмал Саидов: «​Ибодат либоси»​ масаласида кенг жамоатчилик фикри инобатга олиниши керак​
    Акмал Саидов: «​Ибодат либоси»​ масаласида кенг жамоатчилик фикри инобатга олиниши керак​

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази раҳбари «жамоат жойида ибодат либосида юришни тақиқлаш» масаласида​​ кенг жамоатчиликнинг фикри инобатга олиниши зарур, деб билади.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, юридик фанлар доктори Акмал Саидов Халқаро-пресс клубнинг навбатдаги пресс-брифингида маълум қилди. 

21 ноябрь куни Халқаро-пресс клубда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллигига бағишлаган Марказий Осиё халқаро форуми олдидан ташкил этилган пресс-брифинг​ давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази раҳбари​ Акмал Саидов Kun.uz мухбирининг саволига жавоб бериб, «​Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»​ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилаётганини маълум қилган.

«​Қонун лойиҳаси янги таҳрирда тайёрланмоқда. Унда кўп архаик қоидалар чиқариб ташланган. Масалан, диний ташкилотларни рўйхатга олиш эркинлаштирилади, ҳисобот бериш енгиллаштирилган, давлат божи миқдори ҳам камайтирилган. Энг муҳими, энди диний ташкилотлар фаолиятини тугатиш ёхуд тўхтатиш масаласи фақат суд қарори билан амалга оширилиши белгиланмоқда»​, - дейди у.

Акмал Саидовнинг айтишича, «жамоат жойида ибодат либосида юришни тақиқлаш» масаласида ҳам иш олиб борилмоқда.

«Аслида, ҳар миллатнинг ўз либоси бўлган. Масалан, паранжи бизда бўлган, аммо мусулмон давлатларда паранжи деган тушунча йўқ. Бу нуқтада миллий ва диний либос тушунчалари аралашиб кетган. Менинг ўйлашимча, шу масала эркин бўлиши керак», - дея фикр билдирган марказ раҳбари. 

Саидов ибодат либосига оид масалани жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этишни таклиф этмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази раҳбари ушбу масалада фақат мутахассисларнинг эмас, балки кенг жамоатчиликнинг фикри инобатга олиниши керак, деб ҳисоблайди.