Евроиттифоқ Марказий Осиё давлатлари тараққиёти учун 124 млн евро ажратади
Европа иттифоқи Марказий Осиёдаги турли лойиҳаларни ривожлантириш учун 124 миллион евро инвестиция киритишни мўлжалламоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия матбуот хизмати “ЕИ – Марказий Осиё” шаклидаги ташқи ишлар вазирлари учрашуви якунларига кўра маълум қилди.
Хабарда айтилишича, ЕИ дастурлари, жумладан, иш ўринлари яратиш ва минтақа давлатларининг барқарор ривожланишига қаратилган.
Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича ЕИ комиссари Невен Мимицанинг сўзларига кўра, Қирғизистондаги умумий таълим соҳасини ривожлантиришга 36 млн евро ажратилади.
Умумий қиймати 88 млн евро бўлган яна олти дастур эса Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонда хусусий сектор, савдони ривожлантириш ва атроф-муҳитни асраш соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилади.