Ўзбекистонда Sof.uz очилмаяпти
22 ноябрдан бошлаб фойдаланувчилар Sof.uz сайтига кириб бўлмаётгани ҳақида таҳририятга хабар беришди. Аслида муаммо аввалроқ, 18 ноябрдан бошланган эди.
Сайтга фақат ўзбекистонлик фойдаланувчилар кира олмаяпти, хориждан киришда муаммолар йўқ.
Сайт техник ходимлари хулосасига кўра, сервер ва домен созламаларида ҳеч қандай муаммо йўқ. Чунки сайт хориждан кирувчилар учун муаммосиз ишламоқда.
“Ўзбектелеком” миллий алоқа оператори сайтдаги муаммоларга алоқадорлигини рад этди. Домен регистратори ҳам сайт домени созламаларида ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтмоқда.
Сайт маъмурияти Ўзбекистонда интернет оқими ва сайт регистрацияси учун масъул идоралардан бу муаммога эътибор қаратишларини ва зудлик билан муаммони ҳал қилишга ёрдам кўрсатишларини сўраган.
Бу орада муштарийларга хабар етказишда давом этиш учун Sofxabar.com номли янги манзил очилган.