Ҳукуматнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига доир янги қарори қабул қилинади
(last modified Tue, 27 Nov 2018 11:32:42 GMT )
ноябр 27, 2018 16:32 Asia/Tashkent
  • Ҳукуматнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига доир янги қарори қабул қилинади
    Ҳукуматнинг йўл ҳаракати хавфсизлигига доир янги қарори қабул қилинади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида илмий, ахборот-таҳлил ва тарғибот фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг жами чекланган штатлар доирасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳузурида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муаммоларни ўрганиш илмий-тадқиқот марказини;

Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ахборот-таҳлил мультимедиа марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар Илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

йўл-транспорт ҳодисалари сабаб ва шарт-шароитларини тизимли ўрганишга доир илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги долзарб муаммоларни бартараф этишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;

йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий ва техник тартибга солишни такомиллаштиришда иштирок этиш;

йўл ҳаракати иштирокчиларини йўл-транспорт ҳодисасидан ҳимоя қилиш даражасини оширишнинг ҳуқуқий, муҳандислик-техник, ахборот, ташкилий-методик муаммоларини ҳал қилишга доир вазифаларни бажариш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни амалиётга татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш.

Белгиланишича:

Илмий-тадқиқот марказига Бош бошқарма бошлиғи томонидан тавсия этиладиган ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади;

Илмий-тадқиқот маркази ходимларига Ички ишлар вазирлигининг марказий аппарати ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш  ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;

Илмий-тадқиқот маркази шаҳодатланган ходимларига Ички ишлар вазирлигининг марказий аппарати ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;

Илмий-тадқиқот маркази шаҳодатланган ходимларига аввалги иш жойида узоқ йиллик хизмати учун берилган устама ва қўшимча тўловлар, махсус унвонлар сақлаб қолинади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Илмий-тадқиқот маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади.

Қуйидагилар Мультимедиа марказининг асосий вазифалари этиб белгиланиши мумкин:

йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ахборот-таҳлилий ва обзорли медиа материалларни, шу жумладан аудио ҳамда видеороликлар, теле ва радио дастурлар, ижтимоий роликлар, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдан репортажларни тайёрлаш ҳамда эфирга, шунингдек Интернет тармоғига узатиш;

йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва қоидабузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳамда соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш;

йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш, жамиятда ҳаракатланиш маданиятини ҳамда ҳаракат иштирокчиларининг ҳуқуқларига ҳурмат муносабатини шакллантириш;

жамоатчиликнинг юқори қизиқишини уйғотган йўл транспорт ҳодисаларининг моҳияти бўйича холис фикрни шакллантириш ҳамда аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин Мультимедиа марказига учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида хулоса тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда автомобиллар ойналарини қорайтиришга доир янги низом қабул қилиниши хабар берилганди.