Ўзбекистонда 1 декабрдан қандай ўзгаришлар содир бўлди
(last modified Sun, 02 Dec 2018 08:46:13 GMT )
декабр 02, 2018 13:46 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда 1 декабрдан қандай ўзгаришлар содир бўлди
    Ўзбекистонда 1 декабрдан қандай ўзгаришлар содир бўлди

«Норма» ҳуқуқий-ахборот портали қурилиш, божхона назорати, ташқи реклама, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларда 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб амал қиладиган асосий ҳуқуқий ўзгаришлар билан таништирди.

Божхона назорати учун янги йўлаклар

Мамлакатда хавфни бошқариш автоматлашган тизими жорий этилди. Унинг доирасида 1 декабрдан «сариқ» ва «қизил» йўлаклар иш бошлайди. Биринчи йўлак орқали божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга товар ва транспорт воситалари текширилади. Иккинчи йўлак эса хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга объектлар учун мўлжалланган.

Ҳозирча йўлаклар мос равишда 70% / 30% нисбатда товар ва транспорт воситаларининг хавф профиллари ёки тасодифий танлаш асосида қўлланилади. Лекин бунга қадар мавжуд бўлган икки йўлакли тизимдан фарқли равишда, янги тизимда тўртта йўлак бўлиши кўзда тутилган: 2019 йил мартдан шунингдек, «кўк» ва «яшил» йўлаклар ҳам ишга тушади.

Қурилишдаги янги тартиб 

Биринчидан, эндиликда тўғридан-тўғри инвестициялар, жумладан хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаларининг смета қисмидан ташқари барча объектлар учун сметани экспертизадан ўтказиш мажбурий бўлади. 

Иккинчидан, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби модернизация қилинди. Эндиликда объектларни фойдаланишга қабул қилиш қурилиш соҳасидаги назорат инспекцияси, кадастр органлари, буюртмачи, пудратчи (бош пудратчи) вакиллари иштирокида амалга оширилади. Давлат харидлари субъектлари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш бундан мустасно.

Учинчидан, бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари («fast-track» усули) билан қурилишни амалга оширишга рухсат этилди. Бироқ бунинг бир шарти бор – лойиҳа ва пудрат ташкилотлари консорциум ташкил этишлари керак. Консорциум иштирокчилари зиммасига лойиҳани сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун солидар жавобгарлик юклатилади

Хорижлик мутахассисларга - «яшил чироқ»

Иш берувчилар юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассисларга нисбатан хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатнома олмайдиган бўлди.

Бундан ташқари, юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассислар тасдиқномаларни расмийлаштириш ва бериш учун амалдаги 10 ЭКИҲ ўрнига пасайтирилган тарифларда – тегишинча, 1 ЭКИҲ ва 2 ЭКИҲ тўлайдилар.

Шунингдек, 8 500 ЭКИҲдан кам бўлмаган миқдорда (мақола нашр қилинаётган санада 1 723,2 млн сўмдан ортиқ) жамиятларнинг акциялари ва улушларини сотиб олиш, шунингдек хорижий корхона ташкил этиш шаклида республикага инвестиция киритган чет эл фуқаролари ҳеч қандай рухсат берувчи тартиб-таомилларни ўтмаган ҳолда мазкур ташкилотнинг исталган лавозимида ишлаш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Шифокорларнинг маоши ошди

Президентнинг ноябрь ойидаги қарорига мувофиқ, давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг иш ҳақлари 2018 йил 1 декабрдан 20 фоизга оширилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, уларнинг иш ҳақлари 2019 йил 1 апрелдан яна 16 фоизга оширилади.

Тиббиёт ходимлари ва фармацевтлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган.

ИИВ ахборот маркази энди йўқ... 

2019 йил 10 январдан «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизими синов режимида ишга тушади. Унда жиноят ишлари, терговга қадар текширув материаллари, суд муҳокамаси ҳамда суд қарорлари ижросининг натижалари, шунингдек айбланувчи ва жабрланувчи сифатида жалб этилган шахслар бўйича маълумотларнинг марказлаштирилган ҳисоби юритилади.  

1 декабрдан бошлаб жиноятлар, уларни содир этган шахслар ва жиноят ишлари ҳаракатланишининг ягона ҳисобини юритиш вазифаси прокуратура органларига топширилди. Шу сабабли ИИВ тузилмасидаги Ахборот маркази тугатилди. Худди илгаригидек, барча ваколатли органлар, шу жумладан судлар карточкаларни тўлдиришда давом этадилар, бироқ бу электрон шаклда амалга оширилади.

Ташқи реклама қандай жойлаштирилади?

Эндиликда ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқи очиқ электрон аукционлар орқали берилади. 

Бунда қуйидаги тўловлар тўланади:

• ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳуқуқини олиш учун ҳақ - савдолар якунларига кўра аниқланади;

• ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун йиғим - миқдорини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари белгилайди.

Монополияга қарши курашиш органининг розилигини Давлат хизматлари марказида олиш мумкин  

Хўжалик юритувчи субъектлар бирлашганида ва устав фондидаги акциялар (улуш)га эга бўлиш бўйича шартномалар тузилганида қатор ҳолатларда антимонополия органининг дастлабки розилиги талаб қилинади.

Уни олиш учун тегишли ҳужжатлар пакетини тақдим этиш лозим. Илгари ҳужжатлар бевосита антимонополия органига топшириларди. 1 декабрдан эса бу ишни Давлат хизматлари маркази орқали амалга ошириш мумкин.