декабр 02, 2018 18:04 Asia/Tashkent
  • Тошкентда доимий прописка ўзига хос бизнесга айланган

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун доимий прописка Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён долзарб муаммо бўлиб келмоқда

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиевга кўра, Илгари доимий прописка шунчаки тўсиқ ва тақиқ бўлган бўлса, эндиликда ўзига хос бизнесга айланган.

Дарё сайтига кўра, 2017 йил 19 июль куни «Тошкент республикаси»дан бўлмаган «ажнабий» Ўзбекистон фуқаролари учун янги қоида кучга кирди: энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан қимматроққа янги уй сотиб олганларга Тошкент пропискаси берилади. Ўша пайтда бу миқдор 374 миллион сўмни ташкил этар эди. Бу қарор қиммат уй-жой қурадиган тадбиркорларнинг лоббиси бўлмаган эди, ишонамиз.

Ушбу қарорда ҳукумат нафақат элит тоифадаги тадбиркорлар, балки давлат бюджетини ҳам «унутиб қўймади». Яъни нотариуслар уй-жой олди-сотдисининг 5 фоизи миқдорида давлат божи ундира бошлади. Ўша пайтда бу 18 миллион 721 минг сўмни ташкил қиларди. 

Яқинда қарорга ўзгариш киритилди. Хусусан, эндиликда «Тошкент республикаси»да доимий прописка олиш учун албатта ЭКИҲнинг 2500 бараваридан кам бўлмаган уй олиш тартиби бекор қилинди. Бунинг учун қиймати қанча бўлишидан қатъи назар қурилганига 3 йил бўлмаган кўчмас мол-мулк сотиб олса кифоя.

Аммо 5 фоизлик давлат божи сақлаб қолинди. Камига давлат божи ЭКИҲнинг 10 бараваридан кам бўлмасин, дея белгилашди.

маълумотларга қараганда, Сирғали туманида қурилаётган 72 квадрат метр майдонга эга ёшлар уйи 272 миллион 862 минг сўмга баҳоланаётган экан. Келинг, худди шу уй учун давлат божи доимий пропискаси бор ва йўқлар учун қанчага айланишини ҳисоблаб кўрамиз.

Давлат божи ставкалари бўйича, агар шу уйни доимий пропискага эга «Тошкент республикаси» фуқароси сотиб олса, давлатга 202 минг 730 сўм бож тўлайди.

Худди шу уйни доимий пропискаси йўқ (балки Тошкентда 10 йилдан буён яшаётгандир, ким билсин) бошқа фуқаро (у Ўзбекистон фуқароси, лекин Тошкентники эмас) сотиб олса, давлатга 13 миллион 643 минг 100 сўм бож тўлайди.

Ёрлиқ