Йўлдошевми ёки Мирзиёев: МДҲ саммитида Ўзбекистон келажаги ойдинлашиши мумкин
16 сентябрь куни Бишкекда бўлиб ўтадиган МДҲ саммити Ўзбекистон келажаги ҳақида айрим хулосаларни бериши мумкин.
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik, Мария Щелудякова. МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг Бишкекда бўлиб ўтадиган йиғилишида Ўзбекистон номидан президент вазифасини бажарувчи Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев эмас, балки бош вазир Шавкат Мирзиёев иштирок этади, деб тахмин қилди МДҲ давлатлари институти директори ўринбосари Владимир Евсеев Sputnik мухбирига.Конституция бўйича яқин уч ой давомида давлат раҳбари вазифасини Сенат раиси бажаради, лекин бўлғуси президентлик сайловларида унинг имконияти юқорими-йўқми – катта савол. Евсеев Ўзбекистоннинг иккинчи президенти айнан Шавкат Мирзиёев бўлади, деб ҳисоблайди. Сиёсатчи бўлажак МДҲ саммити Ўзбекистон келажаги ҳақида айрим хулосаларни бериши мумкин деб ҳисоблайди. Биринчидан, ўзбекистонликларнинг иштироки мамлакат янги раҳбариятининг Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликка муносабатини кўрсатиб беради. "МДҲ доирасида ҳамкорликнинг бир нечта шакллари бўлиб, Ўзбекистон уларнинг айримларида қатнашади, айримларида эса йўқ. Республикага МДҲ билан ҳамкорлик қай даражада аҳамиятли эканлиги муҳим омилдир, — давом этади Евсеев. — Масалан, ШҲТ саммитига Эрон президенти Ҳасан Руҳоний келмади, аслида эса унинг ташрифини кутишганди. Бу эса Эронга ШҲТ унчалик керак эмаслигини билдиради. Бу ерда ҳам шунга асосланиб хулоса чиқариш мумкин бўлади". Саммит якунига қараб хулосага келиш мумкин, таъкидлайди Евсеев,-ҳозирча қатъий хулоса чиқаришга эрта.