Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда Евроосиё бозорига чиқади
(last modified Tue, 04 Dec 2018 08:19:00 GMT )
декабр 04, 2018 13:19 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда Евроосиё бозорига чиқади
    Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда Евроосиё бозорига чиқади

Қирғизистон Ўзбекистон билан ўзаро савдо айланмасини яқин йилларда 500 миллион долларга етказиб, Евроосиё бозорини биргаликда забт этишни истайди.

Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт вазири Олег Панкратов УзEхпо Халқаро савдо марказида ташкил этилган учрашувда айтиб ўтган, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

«​Икки мамлакат Президентлари ўртасидаги келишув ўзаро алоқаларнинг мустаҳкамланиши учун импульс бўлди. Ўтган йили Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ўзаро савдо кўрсаткичлари 235 миллион долларга етган бўлса, яқин йилларда бу миқдорни 500 миллион долларга олиб чиқишни мақсад қилганмиз. Евроосиё бозорига биргаликда чиқиш ҳар икки давлат учун манфаатлидир»​, - дейди Қирғизистон иқтисодиёт вазири Олег Панкратов Ўзбекистон Ташқи савдо вазири билан учрашувда.

2017 йил 13 декабрь куни Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев ва Сооранбай Жеенбеков ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, банк-молия, фан-техника, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган эди.

«Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларда ҳал қилинмаган масалалар мавжуд эмас», деган эди Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг аввалги Президенти Алмазбек Атанбаев билан бўлган учрашувида.

2017 йилда ўзбек ва қирғиз тадбиркорлари ўртасида турли соҳаларда 140 миллион долларлик шартномалар имзоланган. Ўтган йили 30 октябр-3 ноябрь кунлари «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар» йўналиши бўйича биринчи халқаро автокарвон йўлга қўйилганлиги, Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилганлиги ҳам икки қардош халқнинг дўстона муносабатларига ишорадир.

Ёрлиқ