Ўзбекистонда умумий қиймати 7 миллиард доллардан кўпроқ ҳосил етиштирилган
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев табиат инжиқликларига қарамасдан етиштирилган ҳосил учун деҳқон ва фермерларга миннатдорчилик билдирди.
Шавкат Мирзиёев деҳқон ва фермерларни Ўзбекистонда илк бор нишонланаётган касб байрами билан табриклаб, “Ҳақиқатан ҳам, табиат инжиқликлари – баҳорнинг қуруқ келгани, кутилмаган жала ва бўронлар, ёз фаслидаги кучли сув танқислиги, жазирама иссиқ, турли ҳашарот ва касалликлар экин-тикинларга катта хавф туғдиргани, кузда эса ёғин-сочинларнинг барвақт бошлангани мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ходимларини яна бир бор жиддий синовдан ўтказди,- деб айтди.
Спутник сайтига кўра, ушбу мураккаб шароитларга қарамасдан, деҳқонларнинг мардона меҳнати билан умумий қиймати 58 триллион 181 миллиард сўм ($ 7 млрд. кўпроқ) ҳосил етиштирилганини ҳам айтиб ўтди.
“Юртимиз бўйича 6 миллион 124 минг тонна ғалла, 2 миллион 300 минг тонна пахта, 8 миллион 661 минг тонна сабзавот, 2 миллион 411 минг тонна картошка, 1 миллион 607 минг тонна полиз маҳсулотлари, 2 миллион 100 минг тоннага яқин мева, 1 миллион 314 минг тонна узум, 18 минг тонна пилла, 1 миллион 789 тонна гўшт, 7 миллион 830 минг тонна сут тайёрлашга эришганингиз таҳсинга лойиқ”, - деди Шавкат Мирзиёев.