Туркия элчихонасига НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштириш ваколати берилди
(last modified Mon, 10 Dec 2018 05:35:35 GMT )
декабр 10, 2018 10:35 Asia/Tashkent
  • НАТО ва Ўзбекистон
    НАТО ва Ўзбекистон

Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 2019—2020 йилларда НАТО ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мувофиқлаштиради.

«Бу ваколат 2017—2018 йилларда Ўзбекистоннинг НАТО билан алоқаларини мувофиқлаштирган Латвия элчихонасидан Туркия элчихонасига ўтказилди»,  деб хабар қилган Турон24 сайти.

Хабарда айтилишича, эндиликда Туркия элчихонаси НАТОга аъзо давлат сифатида Ўзбекистонга иттифоқнинг сиёсати ҳақида хабар беради ва алоқаларни мувофиқлаштиради.

6 декабрь куни Тошкентда ўтказилган маросимда Латвия элчиси Михаил Попковс элчихона Ўзбекистон билан НАТО ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда бир қатор ишларни амалга оширганини таъкидлаган. Дипломатнинг сўзларига кўра, сўнгги икки йил давомида минтақавий чегаралар ва хавфсизлик соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. «Биз НАТОнинг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз», – деган Латвия элчиси.

Туркиянинг Тошкентдаги элчиси Аҳмет Башар Шен дипломатик ваколатхонага юкланган вазифаларни бажаришга, Ўзбекистон ва НАТО ўртасида маълумотлар алмашишда кўприк вазифасини бажаришга тайёрлигини билдирган.

«Ўзбекистон НАТО учун муҳим мамлакатлардан бири ҳисобланади. Айнан Ўзбекистон орқали НАТО Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини етказиб туради», – деган Башар Шен.