Ўзбекистонда «Ювентус» академияси очилиши кутилмоқда
18 декабрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Италиянинг «Ювентус» клубининг брендни бошқариш ва ривожлантириш бўйича ижрочи директори Каролина Киапперо бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Кун.уз сайтига кўра, «Юртимизга ташриф буюрган машҳур футбол клуби вакиллари билан ўтказилган музокаралар жараёнида Турин политехника университети кампуси базасида «Ювентус академияси»ни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди», дейилган вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда ҳам томонлар Ўзбекистонда футболни оммалаштириш, янги ташкил этилаётган академия фаолиятини самарали йўлга қўйиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш масалаларини муҳокама қилишган.
«Ювентус академияси» лойиҳаси Европа, Осиё ва Америка қитъасида жойлашган 49та мамлакатда амалга оширилиб, 100дан ортиқ ҳудудни ва 15 минг нафардан ортиқ болаларни қамраб олган.