Жаҳон банки Ўзбекистондаги учта шаҳарни ривожлантириш учун 100 млн доллар ажратди
Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан тасдиқланган «Ўрта шаҳарларнинг комплекс ривожланиши» лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг учта шаҳрида коммунал хизматларни тақдим этиш ва шаҳар инфратузилмаси яхшиланади.
Тикланиш ва тараққиёт халқаро банки (ТТХБ - Жаҳон банки гуруҳидаги ташкилот) уни амалга ошириш учун 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратади.
«Жаҳон банки Ўзбекистонда биринчи марта шаҳар хўжалигини ривожлантириш лойиҳасини молиялаштиради, - дея таъкидлаб ўтди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори. - Лойиҳа Бухоро, Тошкент ва Наманган вилоятларидаги ўрта шаҳарларда турмуш шароитларини яхшилашга ёрдам беради, шунингдек, мамлакат ҳукуматининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди».
Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланган лойиҳа Ўзбекистоннинг ўрта шаҳарларида, хусусан, Когон (Бухоро вилояти), Чортоқ (Наманган вилояти) ва Янгийўлда (Тошкент вилояти) шаҳар инфратузилмаси, жамоат жойлари ҳамда коммунал хизматлар кўрсатишни ривожлантиришга ёрдам беради. Ушбу аҳоли пунктларининг умумий аҳолиси сони 165 минг кишини ташкил этади.
Лойиҳа шаҳар хўжалиги, шаҳар инфратузилмаси, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш, шаҳар транспорт тизимини ривожлантириш, барқарор туризм ва хусусий сектор билан ҳамкорлик соҳасида марказий ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлайди.