Ўзбекистон прокуратураси Гулнора Каримова иши, прокурор назорати ва тизимдаги ўзгаришлар ҳақида
(last modified Wed, 19 Dec 2018 11:41:34 GMT )
декабр 19, 2018 16:41 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон прокуратураси Гулнора Каримова иши, прокурор назорати ва тизимдаги ўзгаришлар ҳақида

Бош прокуратура расмий вакили Халқаро Пресс-клубнинг илк бор йўлга қўйилган янги форматдаги лойиҳасида тизимдаги ўзгаришлар, Гулнора Каримованинг ҳозирда қаердалиги ва ойлик маошини ололмаётган ишчилар борасида берилган саволларга жавоб қайтарди

Спутник сайтига кўра, Халқаро Пресс клубда илк маротаба Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари бир вақтда, битта сафда қўшма матбуот-анжуманида иштирок этишди

Норма ижодкорлиги - прокурорлар фаолиятининг бош бўғини

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошевга кўра, Бош прокуратура Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга доир давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита қатнашиб келди. 

"Норма ижодкорлиги прокурорлар фаолиятининг жуда ҳам муҳим бўғинларидан бирига айланди ва бу иш жуда катта сафарбарликни талаб этди. Давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқариш жараёнида халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотлар жараёнида аниқланган, аҳоли фаровонлигининг реал ўсишига ва жойларда иш ҳолатини тубдан яхшиланишига тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, илғор хорижий тажрибалар асосида бир хулосаларга келинди", - деб қайд этди Йўлдошев. 

Бош прокуратура томонидан 2018 йил давомида юзга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилган. Шулардан 66таси бугунги кунда қабул қилинган ва амалиётган жорий этилмоқда, деди Бош прокурор ўринбосари.

Гулнора Каримова ва Рашид Қодировлар иши не кечди?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев журналистларга тизимда амалга оширилаётган ишлар, прокуратура томонидан аниқланган камчиликлар ва "Гулнора Каримова иши", Рашид Қодиров ва Абдусалом Йўлдошевларга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар тақдири не кечаётгани хусусида сўзлаб берди.

Йўлдошевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашид Қодиров иши бўйича тергов жараёни якунланиш арафасида.

Бош прокурор ўринбосари ушбу жиноят иши ҳақида аҳоли батафсил хабардор қилинади, дея ваъда берди.

Давлат солиқ қўмитаси собиқ раисининг биринчи ўринбосари Абдусалом Йўлдошевга нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов жараёни давом этмоқда. Ўзбекистон Биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова эса  Ўзбекистонда жазони ўтамоқда.

Прокурор назорати амалга ошириляптими?

Спутник мухбирининг Андижон ва Тошкент вилояти "Ўзпахатасаноат" корхонаси ишчиларининг ойлик иш ҳақларини ололмаётгани борасида йўллаган шикоят мактублари юзасидан берган саволига жавобан Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев прокуратура органларининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида қонунийликни таъминлаш бўйича фаолияти жуда кенглигини таъкидлаб ўтди.

"Прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали мендаги маълумотлар бўйича 78 918 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Сиз айтаётган масалада қанча одам иш ҳақларини ололмаганликларини билмайман, лекин битта одам бўлса ҳам "иш ҳақимни олмадим", "мени таътилга чиқишдан ҳуқуқларим бузилди" ёки бўлмасам, "раҳбарим томонидан менга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этилаяпти" деган мазмундаги ҳар битта аризаси қонунда белгиланган муддатларда аниқ мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилади ва прокуратура органлари томонидан тегишли чоралар кўрилади", - деди Йўлдошев.