Ўзбекистонда ишсизлик кўрсаткичи расман маълум қилинди
(last modified Tue, 25 Dec 2018 11:34:03 GMT )
декабр 25, 2018 16:34 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда ишсизлик кўрсаткичи расман маълум қилинди
    Ўзбекистонда ишсизлик кўрсаткичи расман маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мамлакатда иқтисодий фаол, меҳнатга лаёқатли аҳолининг 9 фоизи ишсиз дея эътироф этмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, вазирлик ҳузуридаги Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан жорий йилнинг октябр-ноябрь ойларида йирик ҳажмдаги ижтимоий тадқиқот олиб борилган. Унда республикадаги 72та туман ва шаҳар, жумладан 360та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи, 3600 хонадон ва 180160 нафар аҳоли ўртасида тадқиқот ўтказилган. 

Социологик тадқиқот натижасига кўра, аҳолининг  9 фоиз​и ишсиз бўлиб, жорий йилнинг январ-июнь ҳолатига нисбатан кўрсаткич (9,3 фоиз) яхшиланган. Энг юқори ишсизлик суръати вилоятлар кесимида Сурхондарё (9,6 фоиз), Самарқанд (9,5 фоиз) ва Қашқадарё (9,5) ҳудудида кузатилган. Шунингдек, кўп аҳоли истиқомат қилувчи вилоятлардан бири - Фарғонада ишсизлик 9,4 фоиз эканлиги эътироф этилган. Энг паст кўрсаткич эса Тошкент шаҳрида (7,5 фоиз) кузатилган.

Вазирлик хабарига кўра, ишга муҳтож аҳоли сони 1307,6 минг нафарни ташкил этади. 

«Йилнинг биринчи ярмига нисбатан ишсизлик кўрсаткичининг тушишига қишлоқ хўжалиги фаолияти, жумладан пахта терим мавсумида ташкил этилган иш ўринлари сабаб бўлди», - дейди вазир Шерзод Кудбиев Kun.uz мухбирига. 

Маълумот учун, 30 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида ишсизлик 14,7 фоизни ташкил этади. Мамлакатдаги аёллар ўртасидаги ишсизлик эса 12,5 фоиз. 2017 йилда Ўзбекистон аҳолисининг ишсизлиги 5,4 фоиз этиб кўрсатилганди. Вазирлик ушбу масалага ойдинлик киритиб, аввалги йилларга нисбатан рақамларни ҳисоблаш методологиясини такомиллаштирганини билдирди. ​

Ёрлиқ