декабр 27, 2018 16:04 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда Хитой деворига ўхшаш Бақтрия девори топилди
    Ўзбекистонда Хитой деворига ўхшаш Бақтрия девори топилди

Археологлар узунлиги 80 километрли “Буюк Бақтрия девори” бўлганлигини аниқлашди

Россия Фанлар академияси Археология институти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти олимлари эрамиздан аввалги III асрга мансуб қадимги Бақтриянинг шимолий чегараларида кўчманчилар ҳужумидан ҳимояланиш учун чегараларни тўсиб турувчи ягона мудофаа иншоотлари тизими бўлганлигини аниқлашди.   

Россия ва ўзбекистонлик мутахассислар Узундара қалъасини ўрганиш жараёнида у улкан мудофаа тизимининг бир қисми бўлганлигини исботлашди. 2018 йилги қазишма ишлари натижасида олимлар қалъанинг ички қўрғонини тўлиқ очишди ва унинг батафсил архитектура режасини тузишди.

Тўпланган маълумотларга кўра, тоғлар табиий чегара вазифасини ўтаган, улар орасидаги йўллар эса бир-бири билан ягона тизимга боғланган қалъалар орқали назорат қилинган. Экспедиция иштирокчилари бу тизимни шартли равишда "Буюк Бақтрия девори" деб аташмоқда.

Олимларнинг таъкидлашларича, мудофаа тизими тоғлар бўйлаб Амударёгача 80 километр масофада бўлган. Қалъалар олов ва тутун орқали бир-бири билан маълумот алмашган. 

Бақтрия –Афғонистоннинг шимоли-шарқий қисми, Жанубий Тожикистон ва Сурхондарё вилояти, Амударёнинг ўрта ва қуйи қисмидаги ерларни ўз ичига олган. Афғонистон шимолидаги Бақтра шаҳри бу давлатнинг пойтахти бўлган.

Ёрлиқ