Хорижда 5та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланади - Президент қарори
(last modified Sat, 05 Jan 2019 11:50:12 GMT )
Январ 05, 2019 16:50 Asia/Tashkent
  • Хорижда 5та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланади - Президент қарори
    Хорижда 5та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланади - Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таълим соҳасидаги навбатдаги қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган

Қарор хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий соҳа, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт устувор тармоқларининг юқори малакали мутахассисларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш учун номзодларни танлов асосида саралаб олиш вазирликлар ва идораларнинг мақсадли буюртмалари асосида Жамғарма маблағлари (Жамғарма стипендиялари) ҳисобидан қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади: таълим; фан ва илмий тадқиқотлар; соғлиқни сақлаш; давлат бошқаруви; иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари. 

2019-2021 йилларда Жамғарма стипендиялари ҳисобидан кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш дастурлари бўйича ўқишга юбориладиган кадрларнинг прогноз миқдори 3-иловага мувофиқ 4 000 ўриндан кам бўлмаган миқдорда, Жамғарма стипендияларига ажратилган умумий ўринларнинг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорини магистратура ва докторантурада ўқиш учун ажратилиши маъқулланган.

Вазирликлар ва идоралар ҳар йили 1 августга қадар жамғарма дастурлари бўйича хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишга буюртмалар портфелини шакллантиради, шунингдек, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таклифларни Жамғармага киритади, шунингдек, энг яхши тайёрланган номзодларни Жамғарманинг танловида иштирок этишлари учун тавсия қилади.

Жамғарманинг Васийлик кенгаши Жамғарма стипендияларини олиш учун йўналишлар бўйича номзодларни танлов асосида саралаб олиш юзасидан кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор мутахассисликларини тасдиқлайди, номзодларни танлов асосида саралаб олишнинг тегишли даражаси ва сифатини таъминлаш мақсадида танлов йўналишлари бўйича ажратилган ўринларни қайта тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилади. 

Жамғарманинг Васийлик кенгашига: 

- кўзда тутилган лимитлар доирасида Жамғарма стипендиялари йўналишлари бўйича ўрнатилган тартибда қўшимча танловларни эълон қилишга; 

- алоҳида вазирлик ва идоралар ходимлари касбий фаолиятининг зарурати ҳамда ўзига хос жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда Жамғарма стипендияларига номзодларни танлов асосида саралаб олиш йўналишларига ўзгартиришлар киритишга; 

- халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингига кўра жаҳондаги энг яхши 500 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 200 талик рўйхатига кирган хорижий таълим муассасалари ва илмий марказларнинг магистратураси ёки докторантурасига мустақил тарзда кирган ва таълим олаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига Жамғарма стипендияларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилишга; 

- Жамғарма харажатлари параметрларида хорижий ҳамда маҳаллий таълим ва илмий муассасалари билан биргаликда ташкил этиладиган таълим ва тадқиқот лойиҳаларини, шу жумладан, Жамғарма стипендияларига номзодларни хорижий тилларга ўқитиш дастурларини молиялаштириш учун зарур маблағларни кўзда тутишга рухсат берилган.

Вазирлик ва идоралар икки ҳафта муддатда 2019 йил учун ажратилган ўринлардан келиб чиқиб, хорижда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича асосланган таклифларни Жамғармага тақдим этади. 

Жамғарма Васийлик кенгаши икки ой муддатда Бир номзодга ажратиладиган Жамғарма стипендиясининг чегаравий ўлчами ва молиялаштириш тартибини белгилаш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Жамғарма, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 мартига қадар Жамғарма стипендияларини олишга номзодларни, айниқса, республика ҳудудларида хорижий тилларга ўқитишнинг махсус дастурларини ишлаб чиқади. 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Жамғарма стипендияларини олишга номзодларни хорижий тилларга (инглиз, немис, француз ва бошқалар) ўқитиш махсус дастурлари асосида мақсадли курсларни ташкил этиш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2019 йилда Жамғарма дастурлари бўйича хорижда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишни молиялаштириш учун 3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади, Жамғарманинг асосланган талабномалари бўйича хорижда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш харажатларини молиялаштиришни таъминлайди.