Мирзиёев: 2019 йил туризм ривожида туб бурилиш йили бўлади
(last modified Thu, 10 Jan 2019 06:27:25 GMT )
Январ 10, 2019 11:27 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев: 2019 йил туризм ривожида туб бурилиш йили бўлади

2025 йилда хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга, туризм экспортидан келадиган йиллик даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

 Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақда 8 январь куни инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишда айтиб ўтди.

Давлат раҳбари, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий комплексига оид вазифаларга ҳам тўхталиб, туризм соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. 

“Туризм учун босқичма-босқич ҳамма шароитларни яратяпмиз, инвесторларга, ишбилармонларга кенг имкониятлар беряпмиз. 2019 йил туризм ривожида туб бурилиш йили бўлади”, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида ҳам бу соҳа ривожи бўйича таклифлар билдирган эди.

Ушбу таклифларни амалда татбиқ этиш мақсадида президентнинг жорий йил 5 январдаги фармонига мувофиқ 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди. Шунингдек, ўша куни имзоланган президент қарори билан меҳмонхоналар ташкил этиш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати қабул қилинди.