Ўзбекистон ва Ҳиндистон трансафғон транзит коридорларини очишдан манфаатдор
(last modified Sun, 13 Jan 2019 11:34:53 GMT )
Январ 13, 2019 16:34 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Ҳиндистон трансафғон транзит коридорларини очишдан манфаатдор

12 январь куни Самарқанд шаҳрида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Ҳиндистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан учрашганида икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги асосий масалаларни муҳокма қилди.

Вазирлар томонидан Ўзбекистон делегациясининг «Вибрант Гужарат — 2019» Халқаро инвестиция саммитида иштирок этиши ва режалаштирилаётган олий даражадаги музокараларнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

2019 йилги икки томонлама тадбирлар юзасидан фикр алмашиш доирасида парламентлар ва ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга, Ўзбекистон-Ҳиндистон ишбилармон доиралари ва молия институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқиш билдирилди.

Вазирлар транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан трансафғон транзит коридорларини очишдан манфаатдор эканлигини изҳор этди.

Юқорида қайд этилган минтақавий масалалар Самарқанд шаҳрида очилаётган Афғонистон иштирокидаги «Ҳиндистон—Марказий Осиё» мулоқотининг биринчи вазирлар учрашувида муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари билан Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорликнинг янги шакли кооперацияни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳар бир иштирокчи давлатнинг ривожи учун янги имкониятлар очишига вазирлар ишонч билдирди.

Ёрлиқ