Январ 15, 2019 10:32 Asia/Tashkent
  • Тошкентда Афғонистон бўйича конференция ўтказилади
    Тошкентда Афғонистон бўйича конференция ўтказилади

«Ҳиндистон - Марказий Осиё» мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон иштирокидаги биринчи учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот матни эълон қилинди.

«Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг вазирлар даражасидаги Афғонистон иштирокидаги биринчи учрашуви 2019 йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Учрашувда Афғонистон Ислом Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.

Вазирлар минтақавий ҳамкорлик, товарлар ва энергия ресурслари транзитининг муҳим бўғини бўлган Афғонистоннинг "Ҳиндистон –Марказий Осиё" мулоқотининг биринчи учрашувидаги иштирокини маъқуллаб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Ҳиндистоннинг Афғонистонда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакатда бевосита афғон халқи раҳбарлигида ва саъй-ҳаракатлари билан тинчлик жараёнини ўрнатишга кўмаклашишда, шунингдек, қўшма инфратузилмавий, транзит-транспорт, энергетика ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, минтақавий ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳалари орқали Афғонистоннинг иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлашга тайёр ва бу борада интилишлари қатъий эканини таъкидладилар. 

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари афғонистонлик хотин-қизларни мамлакат ижтимоий ҳаётига жалб этиш орқали Афғонистонда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида ушбу масалаларга доир конференция ва форумлар муваффақиятли ўтказилишини маъқулладилар.

Вазирлар 2017 йил ноябрь ойида Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича еттинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси (RECCA VII) натижаларини қайд этиб, Афғонистон бўйича саккизинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясини (RECCA VIII) 2019 йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида ўтказишга ҳозирлик доирасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини тасдиқладилар.

Иштирокчилар Афғонистон билан биргаликда маданий тадбирлар, таълим ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишда қўшма ташаббуслар учун улкан салоҳият мавжудлигига эътибор қаратиб, Афғонистон томонининг халқаро ёшлар форуми, фестивали, танловлар, илмий конференциялар, кўргазма ва бошқа қўшма тадбирларда иштирок этишига ёрдам беришга тайёр эканини билдирдилар.

Ёрлиқ