Энди валютафурушлар етти йилга қамалиши мумкин
(last modified Wed, 16 Jan 2019 14:26:59 GMT )
Январ 16, 2019 19:26 Asia/Tashkent
  • Энди валютафурушлар етти йилга қамалиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси президенти “Иқтисодий жиноятларга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. 

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилди:

177-модданинг (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Фуқароларнинг қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олиши ёки ўтказиши шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –

энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар анча миқдорда содир этилган бўлса, –

энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;б) кўп миқдорда;в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, –

энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) жуда кўп миқдорда;б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, –

беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди”.

Ёрлиқ