Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти 2018 йилда 5,1 фоизга ўсди
(last modified Thu, 24 Jan 2019 05:42:40 GMT )
Январ 24, 2019 10:42 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти 2018 йилда 5,1 фоизга ўсди

Ўзбекистон Ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми 2018 йилда 407,5 трлн сўмни ташкил этди ва 2017 йилга нисбатан 5,1 фоизга ўсди, дея хабар қилди Давлат статистика қўмитаси.

Йил якунлари бўйича аҳоли жон бошига ЯИМ 12,3 млн сўмни ташкил этди. Бу 2017 йилга нисбатан 3,3 фоизга кўпроқ демакдир.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 88,8 фоизини ташкил этди ва 5,1 фоизга ўсди (ЯИМ мутлоқ ўсишига таъсири 4,5 фоиз пунктни ташкил этди).

Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 11,2 фоизни ташкил этди ва 5,5 фоиз даражасида ўсиш қайд этилди (ЯИМ мутлоқ ўсишига таъсири 0,6 ф.п.).

ЯИМ ўсиш суръатига саноат тармоғи энг катта таъсир кўрсатди (2,1 ф.п.) ва ўтган йилга нисбатан 10,6 фоизга ўсди. Саноат тармоғидаги ижобий динамика тоғ- кон саноати ва очиқ конларни ишлаш тармоғи қўшилган қийматининг 28,2 фоизга, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноат тармоғи қўшилган қийматининг 6,4 фоизга ва бошқа саноат тармоқларининг 4,7 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланди.

2018 йилда ЯИМ дефлятори индекси 2017 йилдаги нархларга нисбатан 128,1 фоизни ташкил этди. ЯИМ дефлятори индексининг энг юқори кўрсаткичлари саноат тармоғида — 144,3 фоиз ва қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида — 128,6 фоиз қайд этилди.

Ёрлиқ