Ўзбекистон Гулнора Каримованинг пулларини қандай сарфлайди?
Гулнора Каримовага тегишли 800 миллион франкни ўзида сақлашни истамаётган Швейцария ҳукумати пулларни Ўзбекистонга қайтаришга шошмаяпти.
«Швейцария ноқонуний йўл билан топилган бойликни ўзида сақлаб туришдан манфаатдор эмас», – деб жавоб берган ТИВ Гулнора Каримовага тегишли активлар тақдирига қизиққан DW сўровига.
Швейцария прокуратурасининг DW’га билдиришича, жиноий ишни мантиқий якунига етказиш учун суд коллегиясининг қолган тўрт айбланувчига нисбатан қарорини кутиш керак бўлади.
«Кейинги ўттиз йил давомида Швейцария икки миллиард доллардан ортиқ пулни қайтарган - бу бошқа ҳар қандай давлат қайтарган маблағдан кўпроқдир. Аммо ҳозирда қайтарилиши лозим бўлган бойлик билан қандай иш тутиш кераклигига баҳо беришга ҳали эрта», – дейилади Швейцария ТИВ баёнотида.
Маълум қилинишича, асосий масала – унинг Швейцариядаги активларини нима қилиш кераклигига жавоб топиш лозим. Яъни активларни қайтариш ва уларни қандай сарфлаш бўйича томонлар ўртасида ҳужжат имзоланиши зарур.
Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий ҳам Гулноранинг пулларига даъво қиляпти. Унинг Der Bund газетасига берган интервьюсида Мақсудийларга тегишли бўлган Ўзбекистондаги барча мулклари тортиб олингани ҳақида гап боради.