Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитасига раҳбар тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Нажмиддин Шарипов янги ташкил этилган Монополияга қарши курашиш қўмитасига раҳбар этиб тайинланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан иш бошлаган янги қўмита Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг монополияга қарши курашишни тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, табиий монополиялар субъектлари фаолиятини назорат қилиш ва товар-хом ашё биржаларини лицензиялаш борасидаги барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Янги қўмита раҳбарияти 2019-2023 йилларда товар ва молия бозорларида рақобатни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиши белгиланган.
Маълумот учун, Нажмиддин Шарипов 1983 йил туғилган. 2005 йил Тошкент молия институтини тамомлаб, 2013 йилга қадар Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида турли лавозимларда ишлаган. Шарипов 2013-2016 йилларда қайта ташкил этилган Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимида ишлади. 2016-2018 йилларда эса Вазирлар Маҳкамасида, 2018 йил 10 майдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттириб келаётганди.