Ўзбекистонда мактаб формаси махсус савдо шохобчаларида сотилади
Мактаб формаси махсус шаҳобчаларда сотилиши маълум қилинди
Жорий йилнинг 22 январь куни Халқ таълими вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида видеоконференция тарзида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтирилган қарорида белгиланган вазифалар ва ҳудудлардаги ҳолат бўйича батафсил тўхталди.
Бундан ташқари, вазир ўринбосари томонидан мактаб директорларининг мактаб формаси хариди билан боғлиқ масалаларга аралашиши қатъиян тақиқланганлиги такрор ва такрор айтилишига қарамасдан айрим мактаб директорлари ота-оналарга қайси ишлаб чиқарувчининг мактаб формасини сотиб олишлари кераклигини «тавсия» қилиб келаётгани танқид остига олинди. Таълим муассасаси ходимлари ушбу жараёнларга аралашмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.
Йиғилиш якунида қарорда кўрсатиб ўтилган вазифалар билан биргаликда мактабларда ташкил этиладиган ота-оналар мажлисларида таълим муассасаларига мактаб формасининг афзалликлари тўғрисида тушунтириш ишларини доимий равишда олиб бориш, мактаб директорлари ёки синф раҳбарлари томонидан ягона мактаб формасини сотиб олиш жараёнига аралашувини қатъиян чеклаш бўйича чоралар кўриш каби қатор вазифалар белгилаб берилди.