Генерал Ҳаёт Шарифхўжаевга умрбод қамоқ жазоси сўралди
(last modified Wed, 30 Jan 2019 14:38:33 GMT )
Январ 30, 2019 19:38 Asia/Tashkent
  •  Генерал Ҳаёт Шарифхўжаевга умрбод қамоқ жазоси сўралди

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида ўтаётган ёпиқ маҳкамада прокурор суддан генерал Ҳаёт Шарифхўжаевни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради.

52 яшар МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаев, адлия тизими ходимига кўра, "мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш", "жиноий гуруҳ тузиш", "товламачилик", "қийноқлар қўллаш", "бегуноҳ инсонларни жавобгарликка тортиш" сингари қатор жиноятларда айбланмоқда.

МХХ шахсий таркиб хавфсизлигини таъминловчи назорат хизматининг собиқ бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев ўтган йил, 30 мартда ҳибсга олинганди.

Айни куннинг ўзида ДХХ генералининг Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги ҳовлиси ва собиқ турмуш ўртоғининг Тошкентнинг Бешёғоч даҳасидаги квартирасида тинтув ўтказилган.

Ҳаёт Шарифхўжаев охирги тўрт йил ичида икки марта ҳибсга олинди.

Генерал Шарифхўжаев ва унинг укаси, эндиликда МХХ собиқ полковниги Жавдат Шарифхўжаев Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани "жазолаш маъракаси" бошида турган мулозимлар сифатида кўрилади.

2013 декабрида Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова Туркиянинг “Ҳуррият” нашри билан суҳбатида Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг коррупцияга арлашгани ҳақида гапирган эди.

Сал ўтиб Гулнора Каримова Bilan журналига берган интервьюсининг тўлиқ варианти деб тақдим қилинган матнда ҳам МХХ раисининг ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаевнинг коррупцион олди-бердилари “фош қилинади”.

Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси Жавдат Шарифхўжаев 2016 йилда мансаб вазифаларини суиистеъмол қилиш, коррупция ва яна қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ҳаëт Шарифхўжаев Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллиги муносабати билан “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.

Икки оиласидан тўрт ўғли ва бир қизи бор.