Шошилинч! ДХХнинг юзга яқин ходими қамоққа олингани ростми?
(last modified Tue, 12 Feb 2019 15:12:05 GMT )
феврал 12, 2019 20:12 Asia/Tashkent
  • Шошилинч! ДХХнинг юзга яқин ходими қамоққа олингани ростми?
    Шошилинч! ДХХнинг юзга яқин ходими қамоққа олингани ростми?

ДХХнинг юзга яқин ходими қамоқда ёки қандай қилиб давлат тўнтариши олди олингани тўғрисида. Бунинг сабабларини Элтуз мухбири ўрганди.

Январь ойи бошидан буён Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизматининг юзга (!) яқин ходими қамоққа олинди.

ДХХ хизмати ходимининг “Элтуз” почтасига йўллаган электрон мактубида қамоққа олинганлар орасида ДХХ раисининг энг яқин одамлари сифатида кўрилган юқори амалдорлар ҳам борлиги хабар қилинади.

“Улар орасида ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг энг яқин одамлари – ДХХ раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов, ДХХ раисининг божаси Эшонхонхўжаев Алишер, унинг акаси Эшонхўжаев Ҳасан, ДХХ тергов бошқармаси бошлиғи Абдуллаев Аброр ва ДХХ раисининг яқин дўсти Улуғбек Азимов билан бирга яна юзга яқин тезкор ходимлар бор,” деди ДХХ ходими.

Бундан ташқари икки юзга яқин турли даражадаги ДХХ ходими очиқдан терговга қатнаябди.

Унинг алоҳида таъкидлаб ёзишича, қама-қамаларга у ва унинг яна бир шериги берган маълумотлар асосида “Элтуз”да нашр этилган “ДХХ инқирози. Янги раҳбарият эски назоратни давом эттирмоқда» номли мақола сабаб бўлган.

Унда бир йил олдин ДХХ раиси этиб тайинланган Ихтиёр Абдуллаевнинг Ўзбекистондаги энг қудратли ташкилотни ўз назоратига тўлиқ олишни мақсад қилгани ҳақида сўз борарди.

“Элтуз” манбасига кўра, мақоладаги барча фактлар текширилган ва улар 100% ўз тасдиғини топган.

Орадан бир неча кун ўтиб коррупцион ишларга алоқадор шахсларнинг кўпи ҳибсга олинган.

“Элтуз” билан ёзишган ДХХ ходими қамоққа олинганлар ҳозирча Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси ( “ Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”), 205-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”), 210-модда (“пора олиш”) ва 211-модда (“пора бериш”) кўзда тутган жиноятларда гумон қилинаётганини айтди.

Бош прокуратурадан олиб келган содиқ одамлари ва ҳатто қариндошлари ҳам қамоққа олинган бўлса-да, Ихтиёр Абдуллаевнинг ДХХ раҳбари бўлиб қолаётгани ўринли саволларни кучайтирган.

Ўтган ҳафта 6-7 январь кунлари юз берган воқеалар бу саволларга жавоб бергандай бўлди.

Таҳдид

7 январь куни Ўзбекистон Бош прокурори Отабек Муродов президент қабулида бўлиб, олий қўмондонга ДХХнинг бир гуруҳ ходимлари томонидан содир этилган жиноятларда генерал Ихтиёр Абдуллаевнинг қўли йўқлиги ҳақида ҳисобот берди.

“Лекин оз сонли одамлар Бош прокурорнинг нега бундай ҳисобот беришга мажбур бўлганини билади,” дейди МХХ зобити.

Унинг ёзишича, бир кун муқаддам Президент Администрацияси Молия-хўжалик департаменти раҳбари Зелимхон Ҳайдаров бўлиб ўтган суҳбат Отабек Муродовнинг фикрини ўзгартириб юборган эди.

МХХ ходимининг маълум қилишича, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг энг яқин одами сифатида кўрилган ва яқин-яқингача мамлакатдаги энг қудратли шахслардан бири ҳисобланган Зелимхон Ҳайдаров ёш бош прокурорга кўндаланг шарт қўяди – ё президентга Ихтиёр Абдуллаевнинг ДХХ раҳбарлари кирдикорларига мутлақо алоқаси бўлмаганини айтасан ёки ўтмишдаги қилмишларинг фош этилади.

Лекин мактуб муаллифи Отабек Муродовнинг ўтмишдаги қилмишларига тўхталгани йўқ.

“Бундай таҳдидга Отабек Муродов дош бера олмадими ёки бош прокурор этиб тайинлангунигача билвосита раҳбари бўлган шахс жиноятларини очиб ташласа, ўзига ҳам осон бўлмаслигини сездими, нима бўлганида ҳам, девонбоши шартига кўнди,” деб ёзади ДХХ ходими.

Отабек Муродов ва Зелимхон Ҳайдаров учрашуви, “Элтуз”нинг хулоса қилишича, ҳукумат корридорларида Шавкат Мирзиёев сиёсатига яширинча қарши чиқаётган ва унинг реформаларини саботаж қилмоқчи бўлган қудратли шахсларнинг борлигини кўрсатади.

ДХХ ходими йўллаган электрон мактубда ҳам айнан шу ҳолатга алоҳида тўхталган.

“Элтуз”га электрон мактуб йўллаган МХХ ходимининг иддао қилишича, Ўзбекистонда биринчи президент ҳукмронлиги йилларида амалда мамлакатни бошқарган бир гуруҳ шахслар Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсатдан норози бўлиб уни халқ ўнгида ёмонотлиқ қилиш ва алалоқибат ҳокимиятдан ағдариш режасини тузиб чиқиб, бу режани 2018 йилдан бошлаб, босқич билан амалда татбиқ этиб келмоқда.

Қудрат Бобожон

Манба: eltuz.com