Каримов, Ротшильд ва Ўзбекистон олтинлари (ВИДЕО)
(last modified Tue, 19 Feb 2019 15:10:29 GMT )
феврал 19, 2019 20:10 Asia/Tashkent

Лондондаги Британия миллий архиви Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг 1993 йил ноябрида Британияга қилган ташрифига доир расмий ҳужжатларни ошкор қилган.

Унда британ дипломатларининг Ўзбекистон раҳбари ҳақидаги фикрлари, инглиз сармоядорларининг ўзбек олтинига қизиқиши, Каримов ва Назарбоев ўртасидаги рақобат ва марҳум президентнинг Россия билан боғлиқ хавотирларини кўрсатувчи муҳим тафсилотлар ўрин олган.

Жумладан, таржимон Тони Бишопнинг ёзишича, Каримов Лондонга ташрифи чоғида британ томонининг инсон ҳуқуқларига унчалик катта эътибор қаратмагани уни мамнун қилган.

"Аминманки, Каримов ўзини инсон ҳақлари ҳақидаги саволлар билан безовта қилишмагани учун ҳам миннатдор бўлди", - дейилади ҳужжатларда.

Тони Бишоп Ўзбекистон раҳбарининг Россия билан боғлиқ хавотирлари ҳақида ҳам ёзади.

Унинг сўзларига кўра, Ислом Каримов руслардан шубҳаланган. Каримовнинг фикрича, русларнинг Ўзбекистонга ва шахсан унинг ўзига қарши душманона режалари бўлиши мумкин.

"Каримов ишонадики, ўзбеклар учун ягона нажот Россияга қарамликни камайтиришда".