Ўзбекистон мудофаа вазири АҚШ қуролли кучлари қўмондони билан музокара ўтказди
Бугун, 20 февраль куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ва АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлик қўмондони генерал Жозеф Вотел музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, ҳарбий таълим ва мудофаа соҳаларида истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш борасида фикрлар алмашилди. Суҳбатда мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик йўналишларида ўсиш суръатлари ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди”, дейилади хабарда.
АҚШ томони ҳарбий ва ҳарбий-техника соҳасида, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги долзарб масалаларга ва Ўзбекистон-Америка мудофаа идоралари ўртасидаги келишувларга Ўзбекистон алоҳида эътибор қаратаётганини эътироф этди.
Учрашув давомида Афғонистондаги вазиятни ўнглаш, халқаро терроризмга барҳам бериш ҳамда минтақада тинчликни барқарор ушлаб туриш бўйича фикрлар алмашилди.
Ўзбекистон минтақанинг барқарорлиги ва ривожланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистон давлатида тинчлик ва хавфсизлик йўлидаги барча ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.