Коррупция Маликаси — Гулнора Каримова айбланаётган коррупцион схема (1-қисм)
Россиянинг МТС мобил оператори АҚШ Адлия вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар комиссияси билан келишувга эришди. Россия компанияси Ўзбекистондаги собиқ шўъба корхонаси атрофидаги тергов доирасида 850 миллион долларлик жарима тўлашга тайёр.
АҚШ расмийлари ушбу терговни 2014 йилдан олиб боради, 2015 йил баҳорда Нидерландия прокуратураси билан биргаликда Vimpelcom, МТС ва TeliaSonera компанияларининг Гулнора Каримова билан алоқаси борлиги таъкидланадиган Takilant компанияси билан битимлари юзасидан тергов бошлаганди.
Аслида-чи? Нега МТС АҚШга жарима пулларини тўлашга рози бўлди? Гулнора Каримова қандай жиноятларни амалга оширганликда айбланяпти?
Нью-Йорк Жанубий округи прокуратураси баёнотида таъкидланишича, Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова ва МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси - Uzdunrobita собиқ бош директори Бекзод Аҳмедов АҚШда пул ювиш ва 865 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланмоқда. Уларга нисбатан жиноий иш очилган.
Қайд этилишича, жиноий иш «хорижий коррупция амалиётлари тўғрисидаги қонун тарихида энг йирик ҳолат» юзасидан очилган.
Тергов версиясига кўра, Гулнора Каримова учта телекоммуникация компаниясидан 865 миллион доллар миқдорида пора олиш ва кейинчалик бу пораларни АҚШ молия тизими орқали ювиш учун ўз расмий мавқейидан фойдаланишда айбланмоқда.
2004-2012 йилларда Uzdunrobita акцияларининг 74 фоизига эгалик қилган МТС компанияси АҚШда таъсис этилган бошқа компания ёрдамида Uzdunrobita'га эга чиққани иддао қилинмоқда. Ўз ўрнида Гулнора Каримова Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қарорларига таъсир ўтказганликда айбланмоқда.
2004 йили «Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси раиси И.Каримов имзолаган ҳужжат эълон қилинади. МТС ўзбек бозоридан чиқиб кетган пайт — 2012 йилда агентлик ҳам ўзгаради.
Президент қарорига мувофиқ, у Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади.
Каримова назоратида фаолият юритгани иддао қилинаётган Kolorit Dizayn Ink МЧЖ реклама агентлиги орқали Гулнора пора пулларни олгани таъкидланмоқда. МЧЖнинг айрим ходимлари 2004-2012 йилларда Uzdunrobita компаниясида ҳам ишлаган.
Шунингдек, АҚШ Нью-Йорк Жанубий округи прокуратураси айбловида Гулнора Каримованинг коррупцион схемасида яна 3та компания (A, B, C) иштирок этгани, уларнинг 3 нафар раҳбари ҳам шу ишга алоқадорлиги таъкидланади. Айбловда компанияларнинг бири 2004 йили ташкил этилган пайтда, унга раҳбарлик қилувчи директор 20 ёшда бўлгани билдирилган.
Айбловда маълум қилинишича, 1991 йил Америка компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган Uzdunrobita компаниясининг 20 фоиз акциялари эвазига Гулнора Каримова компанияга Ўзбекистонда эркин фаолият олиб бориш шароитини яратиб беришни таклиф этган. Ушбу таклиф 2001 йили Дубай шаҳрида Uzdunrobita'нинг америкалик ҳиссадорлари билан учрашувда билдирилгани айтилмоқда.
Акциялар эвазига Uzdunrobita'дан манфаатдор сармоядорларга сўмнинг хорижий валютага конвертация қилиш ҳам таклиф этилган, акс ҳолда Uzdunrobita'нинг ўзбек бозоридаги тақдирига таҳдид қилингани маълум қилинмоқда.
2002 йилда Uzdunrobita айбловда Каримова ишига алоқадор этиб кўрсатилган 3 компаниянинг бирини (A) янги ҳиссадор сифатида таништиради ва Uzdunrobita'га Бекзод Аҳмедов бош директор этиб сайланади.
Айблов версиясига кўра, Каримованинг саъй-ҳаракатлари билан Uzdunrobita, расмий аукцион ва қонуний тартибларни четлаб ўтган ҳолда, фаолият юритиш учун лицензияга эга бўлди.
Бундан ташқари, Гулнора Uzdunrobita'даги давлатнинг ўз улушини янги ҳиссадор сифатида ишга қўшилган (A) компанияга сотишига эришади. Шундай қилиб, номи ошкор этилмаётган 3та компаниянинг бири, Uzdunrobita янги ҳиссадори сифатида ишга қўшилган, кейинчалик давлат улушини ҳам сотиб олиб, Uzdunrobita бошқарувини қўлга олган компания консалтинг ва инфратузилмавий хизматларни кўрсатиши керак эди. Айблов бу ёлғон келишув бўлганини билдирмоқда.
(A) компания 2004 йилда ўз номини ўзгартириб, назоратида бўлган 51,4 фоиз акцияларини, айбловда 3 компаниянинг бири сифатида кўрилаётган, бошқа (B) компанияга ўтказиб берган.
2004 йилдан бошлаб Россиянинг МТС мобил оператори Uzdunrobita орқали ўзбек бозорига киришни режа қила бошлайди. Бу режа асосида МТС Гулнорага 100 миллион доллар пора бергани иддао қилинмоқда.
Uzdunrobita бош директори лавозимида ишлаб келаётган Бекзод Аҳмедов МТСга (B) компаниянинг Uzdunrobita'даги 33 фоиз акцияси ва Америка компанияси назоратида қолаётган 41 фоиз акцияларни сотиб олишга шароит яратиб берганига ишонилмоқда. Аммо МТС америкаликлар сотиб олган нархдан олти баравар қиммат қийматда акцияларни сотиб олгани таъкидланмоқда.
МТС ва (B) компания келишувига кўра, (B) компаниянинг Uzdunrobita'даги 26 фоиз улуши келаси 3 йилда 37,7 миллион долларга сотилиши мумкин бўлган.
Шундай қилиб, (B) компаниянинг Латвиядаги банк ҳисоб рақамига МТС 100 миллион доллар кўчирган.
2007 йил 2 августда Каримованинг таъсири билан Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Uzdunrobita фаолиятини қўшимча лицензия ила тўлдиришга рози бўлади.
26 фоиз улушни сотиб олиш бўйича келишув Каримованинг ташаббуси билан ўзгартирилади, негаки компаниянинг бозор қиймати ўсиб бораётганди. Шу туфайли, инвестицион банклардан бири улуш қийматини баҳолашга чақирилган. Аниқланишича, (B) компаниянинг Uzdunrobita'да қолган 26 фоиз улуши 250 миллион долларга тенг, деб топилган. 2007 йил 26 июнда МТС директорлар бошқарув кенгаши (B) компанияга 250 миллион доллар тўлашга розилик беради ва пуллар (B) компаниянинг Ҳонг-Конгдаги банк ҳисоб рақамига ўтказилади.
2008 йил иккинчи ярмида МТС ўзбек бозорида фаолият юритиш учун Гулнора Каримовага яна 30 миллион доллар пора бергани, пуллар 2008 йил октябрь ва 2009 йил июль ойлари оралиғида Ҳонг-Конг ва Ригадаги банк ҳисоб рақамларига ўтказилгани иддао қилинмоқда.
Шунингдек, Каримова назоратида бўлгани айтилаётган Kolorit компаниясини сотиб олиш кўринишида, 2009 йили 59,3 миллиард сўм пора берилгани айтилмоқда. Каримованинг хайрия ишларига кўнгилли тўлов кўринишида эса 2012 йили 1,1 миллион доллар пул берилган.
АҚШ Прокуратурасининг маълум қилишича, пулларнинг барчаси Нью-Йоркдаги молиявий корреспондентлик институтлари томонидан ўтказилиши таъминланган.