Кичик Ислом Каримов чет эл матбуотида онаси ҳақида
12 март куни Британияда чиқадиган The Guardian нашри Ўзбекистон марҳум президентининг набираси¸ Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова билан суҳбатни эълон қилди.
Британия нашри Гулнора Каримованинг йиллардан бери Лондонда яшаб келаëтган 26 яшар ўғли Ислом Каримов билан ҳам гаплашган.
Ëзилишича¸ Ислом Каримов онаси айбланаëтган жиноятларнинг оғир эканини тан олган¸ аммо унинг Ўзбекистондан ташқарида суд қилинишини сўраган.
“Онамни Швейцарияда қандайдир судга тортишлари мумкин¸ майли унинг тақдири ҳуқуқ тизими орқали ҳал қилинсин. Аммо ҳозир унга нисбатан бўлаëтганлар онамни ҳам инсон¸ ҳам она сифатида мутлақ йўқ қилишга қаратилган”¸ деб иддао қилган Имон Каримованинг акаси Ислом The Guardian нашри мухбирига.
Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич набираси Ислом Каримов бу суҳбатда¸ онасига янги ҳукумат томонидан кўрсатилаëтган муносабат¸ ўзи "қаттиққўл диктатор" деб таърифлаган бобоси яратиб кетган тузумнинг деярли ўзгаришсиз қолаëтганини кўрсатишини таъкидлаган.
Ислом Каримов¸ янги ҳукумат онаси бугунги элитанинг бобоси даврида қилган иқтисодий жиноятларини фош қилиши мумкинлигидан қўрқаëтганини айта туриб¸ онаси тилга кирса¸ "жуда кўп нарса фош бўлиши ва улар ҳаммасининг бир-бирига боғланиб кетгани"ни айтади.
Йиллар давомида Гулнора Каримованинг отаси режимидаги ролини танқид қилиб келган Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Стив Свердлов ҳам¸ “оддий ўзбекистонликлар томонидан энг кўп нафрат қилинадиган шахслардан бири экани”га қарамай¸ ҳатто Гулнора Каримовага ҳам қонунда кўзда тутилган ҳақлар берилиши¸ хусусан¸ унга қўйилаëтган айблар шаффоф бўлиши¸ унинг ўз адвокати билан мунтазам учрашишига рухсат берилиши лозимлигини айтади.