Ўзбекистон мусулмонлар идораси Янги Зеландиядаги ҳужумга муносабат билдирди
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Янги Зеландиянинг Крайстерч шаҳрида икки масжидда содир бўлган отишмага нисбатан расмий муносабат билдирди ва ҳодисага "ваҳшийликнинг энг даҳшатли кўриниши дея эълон қилди.
"Аслида бу оммавий қотилликни амалга оширган разил кимсалар ҳақиқий террорчилардир. Террорчи бўлганда ҳам ашаддий, қилган жиноятидан ҳузурланадиган, бу ҳам етмаганидек, ўз қотилликлари билан мақтанишдан ҳам тап тортмайдиган ёвузлардир. Булар Аллоҳ таолонинг, Расули Акрамнинг, Ислом динининг ва икки миллиардга яқин мўмин-мусулмонларнинг ашаддий душманларидир. Яна ҳам умумий қилиб айтсак, инсоният душманларидир.
Сўнгги йилларда айрим мамлакатларда исломофобик кайфият авж олган бир пайтда Австралия ва Янги Зеландияда мусулмонлар тинч ва осуда ҳаёт кечираётган эди. Кўплаб мусулмон мамлакатлардан бориб, у ерда яшаб келаётган диндошларимиз моддий томондан анчагина ривожланиб бораётган эди. Бу ҳолат қора кучларнинг манфаатига зид келди. Улар вақт ўтгани сари Ислом анъаналарининг маҳаллий аҳолига ҳам таъсир этишидан чўчиди. Натижада улар шундай даҳшатли террорни уюштиришгача бориб етди", - дейилади хабарда.