Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилади
Шавкат Мирзиёев Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён таклифига биноан 2019-йилнинг 24-26 март кунлари расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларида бўлади
Ташриф дастуридан Ўзбекистон президентининг Абу Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ҳамда БАА вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан учрашувлари ўрин олган.
Музокаралар кун тартибига кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инноватсион, банк-молия, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари киритилган.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.
Ташриф якунида Ўзбекистон ва БАА ўртасида Қўшма баёнотни қабул қилиш, инвестициялар, молия, қайта тикланадиган энергетика, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмуриятчилиги, меҳнат ресурслари, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид икки томонлама ҳужжатларни имзолаш кўзда тутилган.