Ўзбекистон ва БАА қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон ва БАА қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ривожлантиришда ҳам ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев маълум қилди.
«Яна бир муҳим йўналиш - қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ҳисобланади.
Бу масалада амирликлар компаниялари томонидан ерларни ўзлаштириш ва жаҳон бозорида талабгир бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришга жуда катта қизиқиш билдирилмоқда.
200 миллион долларлик шундай лойиҳалардан бирини Сирдарёда амалга ошириш кўзда тутилган. Бу ерда қоғоз целлюлозаси ишлаб чиқарилади», деган бош вазир ўринбосари.
Унинг маълум қилишича, Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Навоий аэропорти орқали БААга етказилади.
«Яна бир муҳим йўналишлардан бири транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш. Бу борада БААда катта тажриба тўпланган ва бу биз учун жуда ҳам муҳимдир.
Шунинг учун биз Dubai Port World билан шартнома туздик. У Ўзбекистонда, Навоий вилоятида қуруқликдаги порт ташкил этишни назарда тутади.
Мазкур лойиҳанинг аэропорт қисмига эътибор қаратсак, бунда машҳур Emirates авиакомпанияси билан Навоийдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва мева-сабзавотларни БААга тўғридан-тўғри етказиш учун парвозлар йўлга қўйилади.
Мамлакатимиз раҳбари ва амирликлар раҳбарияти вакиллари савдо соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик салоҳиятини 1 миллиард доллар ҳажмида белгилаб беришди. Агар биз самарали логистика тизимини яратсаккина бу натижага эриша оламиз», деган Элёр Ғаниев.