Токаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди
Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Токаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунланди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев 14—15 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлди. Музокаралар якуни бўйича кўплаб келишувлар имзоланди, Ўзбекистонда Қозоғистон йили расман бошлаб берилди.
Эслатиб ўтамиз, музокаралар давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари анъанавий дўстлик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик руҳида икки томонлама муносабатлардаги асосий масалалар, томонларни қизиқтирадиган долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилдилар, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги чуқур тарихий ва маънавий алоқаларга, аҳил қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган яқин ва мустаҳкам дўстлик муносабатларининг кенгайиб бораётганлигини мамнуният билан қайд этиб, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш икки қардош халқнинг манфаатларига мос келишига ишонч билдирдилар.
Президентлар 1998 йил 31 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома ва 2013 йил 14 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги Шартномада мустаҳкамланган принцип ва мажбуриятларга қатъий содиқ эканликларини тасдиқлаб, баёнот бердилар.